Календарь

Март 2024
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
« Ноя    
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031

Статистика

Яндекс.Метрика

ТЕХНИК ОЛИЙ ЎҚУВ ЮРТЛАРИДА ТАЛАБАЛАРНИНГ КАСБИЙ ЙЎНАЛГАНЛИК ХУСУСИЯТЛАРИ

А.Р. Юсупова. (ТАТУ)

Ф.Н. Алимова. (Низомий номидаги ТДПУ)

 

Бирор бир нарсани бажара олмайман — деб   

кўнгилга келтирдингизми, шу пайтдан бошлаб   

уни амалга ошириш ғоят мушкул бўлиб қолади.   

 

Бенедикт Спиноза   

 

Кириш

Талабалик даври ўспиринлик даврининг ўзига хос мураккаб босқичларидан бири бўлиб, шахсда касбий билим ва кўникмалар билан бир қаторда, муҳим касбий сифатларнинг  ҳам шаклланиб бориши билан намоён бўлади. Кўпгина психологларнинг таъкидлашича, бугунги кунда касбий сифатларни шаклланиши ўзининг аҳамиятлилик даражасига кўра инсон эҳтиёжлари орасида биринчи ўринга кўтарилмокда. Бу муаммо ижтимоий назария ва амалиётнинг муаммолари мажмуаси билан боғлиқ бўлиб, психологиянинг марказий кисмидан жой олган. Талабалардаги касбий сифатларнинг иқтисодий, ижтимоий, ижтимоий-маданий шароитлар таъсирида ўзгарувчи алохида турларини тадқиқ қилиш эса талабаларнинг касбий сифатларини янада чуқурроқ ўрганишга имкон яратади.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, биз, техник олий ўқув юртларида талабаларнинг касбий йўналганлик ҳусусиятларини ўрганишни тадқиқот мақсади сифатида белгилаб олдик. Тадқиқот объекти сифатида Тошкент ахборот технологиялари университетининг Телекоммуникация технологиялари факультети биринчи босқич талабаларининг бир гуруҳи танлаб олинди.

 

Тадқиқотни ўтказиш услуби

Талаба олий ўқув юртида турли фанларни ўрганиш натижасида унда касбий йўналганлик шаклланади ва унда ўз билим, тажриба ва қобилиятини танлаган касби соҳасида қўллаш учун шахсий интилиш пайдо бўлади. Шахснинг касбий йўналганлигини такомиллаштириш истаги ўз касби соҳасида меҳнат қилиб, моддий ва маънавий эҳтиёжларни қондиришни ўз ичига олади. Касбий йўналганлик эса касбий фаолият мақсад ва вазифаларини тушунишни ва қабул қилишни ўз ичига олади.

Талабаларда касбий йўналганликни шакллантириш учун касбни эгаллаш имкониятларига ишонтириш, бўлғуси ишнинг келажагига ишонч ҳосил қилиш, меҳнат анъаналарини тарғиб қилиш, касбнинг ишлаб чиқариш ва эстетик томонларини, унинг ижобий томонларини кўрсатиш зарур.

Касбий шаклланиш талабанинг мутахассисга айланиши, унинг ўзи ҳақидаги, касбий ва ижтимоий мухитдаги мавқеи ҳақидаги тасаввурларининг ўзгариши, қолаверса, янги касбий сифатларни ўзида таркиб топтириши, кенг маънода айтадиган бўлсак шахснинг касбий ўз-ўзини англаши билан ҳамохангликда кечадиган жараёндир. Касбий шаклланиш инқирозлари даврида касбий сифатлар яққол намоён бўлади.

Касбий шаклланишда талабанинг қайси шаҳс типига мансублиги ҳам катта аҳамиятга эга. Психологияда шаҳсларнинг шахс типларига мансублигини аниқлашда Холланд методикасидан фойдаланилади. Ушбу методикада шахснинг 6 та типи кўрсатиб ўтилган.

Реалистик тип. Бундай типдаги шахслар кўпроқ конкрет, яъни аниқ объектлар (буюмлар, асбоб ускуналар, ҳайвонлар, машиналар) билан шуғулланишни афзал кўрадилар. Одамлар билан мулоқотда бўлишни ёқтирмаганликлари сабабли юқори лавозимларда ишлашни хуш кўрмайдилар. Инженер, механик, электрик, агроном, боғбон, ҳайдовчи ва шунга ўхшаш касбларни танлайдилар.

Интеллектуал тип. Бундай одамлар ўзларининг сезгир ва бой ҳаёлот дунёлари билан бошқалардан ажралиб турадилар. Улар амалий машғулотларни бажаришдан кўра, муаммоларни назарий ҳал қилиш устида ўйлашни ёқтирадилар. Мавҳум касбларни танлайдилар: биолог, ботаник, астроном, физик.

Ижтимоий тип. Бундай одамлар муаммони ечишда кўпроқ шахсий ҳиссиёт ва туйғуларга асосланадилар. Механизмлар билан шуғулланишни ёқтирмайдилар. Кўпроқ таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасига қизиқадилар: шифокор, психолог, ўқитувчи касбларини танлашлари мумкин, чунки уларда мулоқотга киришиш, бошқарув ва санъатга эҳтиёж катта.

Конвенциал (шартли) тип. Бундай одамларда мослашиш салоҳияти жуда паст. Уларга паст фаолликни талаб қилувчи машғулотлар ва мутахассисликлар ҳамда аниқ тизимли фаолиятлар кўпроқ ёқади. Чунки бундай фаолиятларда аниқлик ва ноаниқлик белгилаб берилган. Бошқарув фаолияти қўл келмайди, чунки бундай одамлар масалаларни ҳал қилишда кўпроқ бошқаларнинг фикрига суянадилар. Тавсия этилган касблар иқтисодчи, ҳисобчи, котиба ва ҳоказо.

Тадбиркорлик типи. Бундай типлар юқори лавозимларда ишлашни ёқтирадилар. Уларга қўл меҳнати, диққатни бир нуқтага жалб этувчи фаолиятлар ёқмайди. Улар қуйидаги касбларни танлайдилар: директор, дипломат, репортер, менежер, журналист.

Артистик (креатив) тип. Бундай инсонларда хаёл ва интуиция яхши ривожланган. Улар ҳаётни мураккаблашган ҳолда қабул қиладилар. «Эркаклаштирилган» спорт, автотаъмирлаш каби ишлар қизиқтирмайди. Улар ижодий характерли машғулотларни хуш кўрадилар. Мусиқа, рассомчилик, адабиёт ва шу каби соҳаларда юқори натижаларга эришишлари мумкин.

Техник олий ўқув юрти талабаларининг юқорида келтирилган шаҳс типларининг қайси бирига мансублигини аниқлаш уларнинг касбий йўналганликлари қанчалик техник олий ўқув юрти мутаҳассисликларига мос келишини кўрсатади.

Касбий йўналганликни аниқлашда яна бир сўровномага мурожаат қилинади. У ҳам бўлса Е.Климов томонидан ишлаб чиқилган дифференциал-диагностик сўровномадир. Бу методика ёрдамида синалувчига фаолиятнинг у ёки бу туридан қайси бири унга кўпроқ маъқул кўришлиги ва шунга мос равишда қайси касбга мойиллиги аниқланади.

Атоқли психолог олим Е.А. Климов касбларнинг беш асосий типини фарқлайди.

Одам – табиат. Бу тип атроф-муҳитни яхшилашга интилувчи шахсларга мансуб бўлиб, бундай шахслар ҳайвонлар ва табиат билан енгил мулоқотга киришадилар. Буларга боғбон, ландшафт дизайнери, ўрмон ва боғ хизматчилари, веретинар, эколог, зоолог, картограф ва геолог каби касб эгалари кирадилар.

Одам – техника. Бу турга мансуб шахслар техник касб фаолитига мойил бўлиб, турли қурилма ва буюмларни яратиш, ясаш, техник янгиликлар ва ихтиролар қилишлари, бузуқ қурилмалани таъмирлаш ва уларни синовдан ўтказиш каби фаолиятга мос келадилар.

Одам – одам. Бу тип ижтимоий тип сифатида мулоқотга мойил, аудитория билан ҳамфикр, ўзгаларга ёрдам қилишни ҳуш кўрувчи шаҳслардир. Бундай шахслар таълим-тарбия тизимида, ижтимоий соҳада, медицина, ҳуқуқий кўмак хизматида, журналистика ва маъмурий ишда машғул бўлганлари маъқул.

Одам – белгили тизим. Бу типга масуб шахслар ўз фаолиятларини математик амаллар билан боғлашлари мақсадга мувофиқ. Улар дастурчи, ҳисобчи, нотариус, иқтисодчи, муҳаррир, назоратчи, тарихчи, математик ва шу каби касбларда муваффақиятга эришадилар.

Одам – бадиий образ. Бундай шахсларни ижодий шахслар деб атайдилар ва улар бадиий, ёзувчилик, шоирлик, мусиқий ва архитектур фаолият юритишлари кузатилади. Бу типдаги шаҳс ижодий асарлар яратиши (бастакор, рассом, ёзувчи, шоир, режиссёр ва б.) кузатилади. Бундан ташқари ижодий асарларни қайта тиклаш ёки актерлик фаолияти билан машғул бўлганда яхши натижаларга эришадилар.

Ушбу типларга мансубликни аниқлаш учун Е.Климов томонидан  20 номдаги саволлар тузилган бўлиб, сўрвномада саволлар шундай тартибда гуруҳланганки, уларга берилган жавоблар фаолиятнинг соҳаларини фарқлаш имконини беради.

Синалувчиларга муайян турдаги жавоб варақаси тарқатилиб, улар ўз жавобларини тегишли рақам ва ҳарфни доира ичига олиш билан белгилайдилар. Белгиланган жавобларнинг техник касбий йўналганликка тегишлилик даражаси синалувчининг шу тоифа касбларга мойиллигини билдиради. Агар ҳамма устунлар бўйича жавоблар миқдори бир хил бўлиб чиқса, бу қизиқишлар ёйилиб кетганлигини, у ёки бу касбга нисбатан қизиқишнинг шаклланмаганлигини ёки ёрқин ифодаланган устунликнинг йўқлигини билдиради. Бундай ҳолларда тадқиқотдан сўнг синалувчи билан бафуржа суҳбатлашиш, унга қизиқишларини аниқлаб олишга ёрдам бериш лозим.

Тадқиқот натижалари

Тошкент ахборот технологиялари университети 1-босқич талабаларининг касбий йўналганлик даражасини баҳолаш мақсадида Телекоммуникация технологиялари факультетининг хаотик танланган бир гуруҳ талабалари ўртасида Холланд ва Климов методикалари асосида психологик сўровлар ўтказилди. Холланд сўрови натижалари қуйидаги жадвалда келтирилган.

1-жадвал

Шахс типлариТалабалар кўрсаткичлари (%)
1Реалистик7
2Интелектуал14
3Ижтимоий23
4Конвенциал (шартли)13
5Тадбиркор28
6Артистик 15

11

1-расм. Талабаларнинг шахс типига мансублик даражасининг гистограммаси

 

Биринчи тадқиқот натижаларига кўра, талабаларда тадбиркорлик типи энг юқори (28 %) натижани, реалистик тип эса энг қуйи (7 %) натижани кўрсатди.

Ўтказилган иккинчи тадқиқотда Е.Климовга асосланган дифференциал диагностик сўровнома методикасидан фойдаланилди. Ушбу методиканинг мақсади талабани касбий қизиқишлари, қобилиятларини аниқлашга мўлжалланган бўлиб, мактаб психологининг касбий профориентацион йўналишда кўникма ва малакаларини шакллантиришга қаратилган.

Иккинчи тадқиқот натижалари 2-жадвалда келтирилган.

2-жадвал

Касб типлариТалабалар кўрсаткичлари (%)
1.Одам - табиат (О-ТТ)12
2.Одам - техника (О-ТА)21
3.Одам - одам (О-О)25
4.Одам - белгили тизим (О-БТ)23
5.Одам - бадий образ (О-БО)19

12

2-расм. Талабаларнинг касб йўналишига мансублик даражаси гистограммаси

Иккинчи тадқиқот натижаларига кўра, талабаларда Одам-одам типи энг юқори (25 %) натижани, Одам-табиат типи эса энг қуйи (5 %) натижани кўрсатди.

 

Хулоса

Холланд сўровномасидан олинган натижалар таҳлилига кўра қуйидагича хулоса қилиш мумкин. Биринчи курс талабаларида тадбиркорлик типи энг юқори натижани кўрсатди. Бу эса уларга диққатни бир нуқтага жалб этувчи ва қўл меҳнатини талаб қилувчи фаолиятлар ёқмаслигини англатади. Талабаларда юқори лавозимларда ишлаш истаклари кучли эканлиги, улар директор ёки дипломат бўлишга мойил эканликлари кўринади. Техник олий ўқув юртидаги талабаларининг танлаган касбий йўналганликлари уларнинг реалистик ҳамда интелектуал типларга мансуб бўлишлари кераклигини тақозо этади. Бироқ, бу ҳолат ушбу сўров натижасида паст натижаларни кўрсатди.

Е.Климов сўровномаси натижасига кўра “Одам – одам” типи энг юқори кўрсаткични (25 %) ва “Одам – табиат” (12 %) типи энг паст кўрсаткични берди. Бу эса талабаларда техник касб йўналишига қизқишлари паст эканлигини англатади.

Ўтказилган иккита тадқиқот шуни кўрсатдики, ўрганилган талабаларда касб йўналишини танлашга эътибор суст. Бунга эса уларнинг аксарияти танлаган касблари ҳақида етарлича маълумотга эга эмасликлари, касб ҳақида юзаки фикр юритишлари сабаб бўлмоқда. Бугунги кунга келиб хеч қайси бир шахс ўзини ахборот технологияларисиз, мобил алоқа воситаларисиз, интернет тармоғисиз тасаввур қила олмайди. Ҳар бир ахборот ёки хабар юқори тезлик билан етиб боришига кўникиб бормоқдамиз. Кундан кунга техниканинг ривожланиши ёшларда бу соҳага бўлган қизиқишни юксалтирмоқда. Шу қизиқиш ортидан уларда техникага оид касб танлаш ёки ривожланаётган техникага хаваси ортиши сабабли касб танлаш мавжуд деб тахмин қилишимиз мумкин. Бу эса талабаларда касбий йўналганлик, касб идентификацияси ўзлаштирилмаганлиги ва тўлиқ тушунчалар, кўникма хосил қилинмаганлиги сабабли юзага келганлигини англатади.

Талаба танлаган касб йўналиши бўйича барқарор ижтимоий асосга эга бўлиши учун ўзи учун қадрли бўлган сифатларни гуруҳдошларида ҳам кўриши, рефлексив жараёнларда фаол субъект бўлиши лозим.

Техник олий ўқув юртларнинг умумий талаби бўйича талаба фақат аниқ фанларни билиши эмас, балки, ижтимоий-гуманитар фанларни ҳам, диққат, аниқлик, идрок ва тафаккурни талаб қилувчи бошқа фанларни ҳам яхши ўзлаштириши талаб қилинади. Таълим жараёнида фикр юритиш операцияларидан унумли фойдаланиш эвазига талабаларда ҳар кандай мураккаб билимларни эгаллаш имконияти вужудга келади. Талабалар тафаккур шакллари тушунча, хукм, хулоса чиқаришнинг функционал ва операционал жиҳатлари билан яқиндан танишадилар. Шунингдек, улардан фойдаланиш учун барча интеллектуал захираларини ишга солишга ҳаракат киладилар. Хукм чиқаришнинг барча якка, хусусий, умумий, зиддиятли, фаразий, инкор кўринишларидан ўқув ва мустақил билим олиш фаолиятларида фойдаланиш имкониятлари туғилади. Хулоса чиқаришнинг индуктив (хусусийдан умумийга) ва дедуктив (умумийдан хусусийга) усулларидан муайян тарзда, билиш фаолиятида, фойдаланишга интиладилар. Буларнинг барчаси тафаккурни ривожлантиришга ўз таъсирини  ўтказади.

Талабалик йилларида ёшларнинг ҳаёти ва фаолиятида ўз-ўзини камолотга етказиш жараёни муҳим роль уйнайди. Лекин ўз-ўзини бошқаришнинг таркибий қисмлари ўзини ўзи назорат қилиш, таҳлил қилиш, баҳолаш ва текширишлар хам алоҳида аҳамият касб этади. Идеал юксак, барқарор, баркамол «мен» ни реал аниқ воқелик «мен» билан таққослаш орқали ўз-ўзини бошқаришнинг таркибий қисмлари амалий ифодага эга булади. Талабанинг нуқтаи-назарича, идеал «мен» ҳам муайян мезон асосида етарли даражада текшириб кўрилмаган, шунинг учун улар гоҳ тасодифий, гоҳ ғайритабиий ҳис этилиши муқаррар. Бинобарин, реал «мен» ҳам шахснинг хақиқий баҳосидан анча йироқдир. Талаба шахсининг такомиллашувида бундай объектив қарама-қаршиликлар ўз шахсиятига нисбатан ички ишончсизликни, ўқувга нисбатан салбий муносабатни вужудга келтиради.

Тадқиқотимизнинг айнан шу қисмида тавсия этадиган таклифимиз шундан иборатки, ҳар бир гуруҳ етакчиси, мураббий ва педагоглар алоҳида олинган академик гуруҳларни тавсифловчи ижтимоий-психологик хусусиятларнинг етакчиларини аниқлаб, уларнинг йўналишини касбий йўналишга монанд бўлиши учун махсус маънавий-маърифий тадбирлар мажмуасини  ишлаб чиқишлари мақсадга мувофиқдир.

12.08.2016 й.

Тошкент шахри.

Ортга қайтиш

 

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Buzz
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс

Комментарии закрыты.


Return to Top ▲Return to Top ▲