Автор - Алишер Шахобиддинов в 22:11
Бугун Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, Фанлар Академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Фуқаро муҳофазаси институти томонидан “АҲОЛИНИ ВА ҲУДУДЛАРНИ ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАРДАН МУҲОФАЗА ҚИЛИШ СОҲАСИДА ФАН ВА ТЕХНОЛОГИЯЛАР ЮТУҚЛАРИ” мавзусидаги Илмий cеминар-кўргазма ташкил қилинди.
Илмий семинар-кўргазмада ФВВ нинг энг малакали ҳодимлари, республикамизнинг аҳолини муҳофаза қилиш бўйича етакчи олимлари, олий таълим тизимининг қатор профессор-ўқитувчилари қатнашдилар. Илмий семинар-кўргазма Фуқаро муҳофазаси институти биносида бўлиб ўтди. Унда Оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам иштирок этдилар.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Тошкент ахборот технологиялари университетидан ҳам бир қатор ёш ва малакали профессор-ўқитувчилар илмий семинарда фаол ишитрок этиб, ташриф буюрганлар билан ўзларининг илмий натижалари билан ўртоқлашдилар. Жумладан, Телерадиоэшиттириш тизимлари кафедрасидан Баҳтиёр Рахимов ва Алишер Бердиевлар, Электр таъминот тизимлари кафедрасидан Фазлиддин Қодиров ва Наталья Амуровалар иштирок этдилар.
Суратларда: Ф.Қодиров, А. Бердиев, Б.Раҳимовлар
Дастлаб илмий семинар Ўзбекистонда Фавқулодда Вазиятлар Вазирлигининг фаолияти, Ўзбекистонда аҳолини ва ҳудуларни фавқулодда вазиятлардан муҳофазалаш тизими ва бугунги кун талаблари юзасидан мунозара ташкил қилинди. Мунозарада қатор етакчи ва ёш олимлар ўзларининг маърузалари билан иштирок этдилар. Жумладан, Электр таъминот тизимлари кафедраси катта ўқитувчиси Н.Амурова “Развитие механизмов координации управления в сфере снижения рисков при ЧС” мавзусида, Б.Рахимов “Система мониторинга разрушаемости макрообъектов с применением волоконно-оптических датчиков” мавзусидаги илмий натижалари билан маъруза қилди. Ушбу маърузалар юзасидан ташриф буюрганлар ва таклиф этилганлар ўртасида кенг қамровли фикр алмашинди ва изланишларни янада ривожлантириш юзасидан олимлар ўртасида ҳамкорлик келишувига эришилди.
Семинар мажлисларидан сўнг, куннинг иккинчи ярмида кўргазма ўз ишини бошлади. Ушбу кўргазмада семинар ишитирокчилари томонидан тақдим этилган қурилмалар, лойиҳалар ва моделлар намойиш этилди ва улар юзасидан фикрлар алмашинилди. ТАТУ дан Б.Раҳимовнинг “Оптоэлектронная система контроля усталостной повреждаемости элементов механических конструкций” қурилмаси ишитирокчилар ўртасида катта қизиқиш уйғотди. Чунки ушбу тизим катта аҳамият касб этувчи металл-конструкцияли объектларнинг турли сабаблар туфайли бузилишини назорат қилиш имкониятини яратади. Мисол сифатида сув омборларининг тўғонлари ушбу тизим билан такомиллаштирилса, тўғоннинг бутунлигини ва унинг деформация даражасини бевосита ва тўҳтовсиз равишда назорат қилиш имконияти туғилади. Бу эса аҳоли ва ҳудудни кутилмаган сув тошқини каби фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш имкониятини яратади.
Суратларда: Кўргазма иштирокчилари, ФВВ ҳодимлари ва Н. Амурова
Тадбирнинг фаол иштирокчиларини рағбатлантириш мақсадида илмий семинар-кўргазма ташкилотчилари иштирокчи ташкилотларни “Фаҳрий ёрлиқ”лар билан тақдирлади. Бу эса барча иштирокчиларга ушбу йўналишда ўзларининг бор куч ва билимларини тўла сафарбар қилишга катта туртки бўлди.
ТАТУ га фаол иштирок учун тақдим этилган «Фаҳрий ёрлиқ»
Ўйлаймизки, ушбу йўналишда ТАТУ нинг катта авлод ва ёш олимлари, республикамизнинг етакчи олимлари ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари аҳолимиз ва ҳудудимизни муҳофаза қилишда янги босқичга асос солади.